"AUKSIONSAVDO.UZ" сайти орқали мол-мулклар ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг электрон онлайн савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш қоидалари

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 311-312 ва 379-380 моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 15 апрелда 2652-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (3-сон РХМС) «Кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар билан савдоларни ташкил қилиш» талаблари асосида ушбу Қоидалар (бундан кейинги ўринларда "Қоидалар" деб юритилади) ишлаб чиқилган.

Ушбу Қоидаларнинг ишлаб чиқилишида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 6-моддасига асосан ким ошди савдоларининг ташкил этилиши ва ўтказилиши билан боғлиқ бўлган соҳасида вужудга келган ва хозирда кенг қўлланилаётган, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган хулқ-атвор қоидалари ҳамда иш муомаласи одати, ўхшаш ҳуқуқ нормалари ҳам инобатга олинган.

Шунингдек, Қоидаларда бирор-бир шахсга бошқаларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланганига қараганда кўпроқ асоссиз имтиёз берадиган ёки ҳуқуқларини камситадиган меъёрлар акс эттирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 360-моддасида шартларини тарафлардан бири формулярлар ёки бошқа стандарт шаклларда таърифлаган ҳамда иккинчи тараф фақат таклиф қилинган шартномага бутунлай қўшилиш йўли билан қабул қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳолатларга кўра ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 360-моддасига кўра унда (Қоидаларда) кўрсатилган ўзининг ҳуқуқларидан фойдаланиш ҳамда мажбуриятларини ўз вақтида ва лозим даражада бажаришни зиммасига олиб, уни (Қоидаларни) бутунлай қўшилиш йўли билан тўлиқ қабул қилган барча шахслар учун мажбурийдир.

Мазкур Қоидаларда кўрсатилган ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига нисбатан ҳеч қандай эътирози бўлмаган ҳамда уларни қабул қилишга тўлиқ розилик билдирган шахслар Қоидаларга қўшилик шартномасини (ёки Қоидаларга тўлиқ қўшилишга оид тегишли банди мавжуд бўлган бошқа шартномани, келишувни) имзолаши лозим. Электрон онлайн савдолар иштирокчилари мазкур Қоидаларга қўшилиш бўйича савдо ташкилотчисининг сайтидаги тегишли тугмани босгандан кейин уларга Қоидаларда кўрсатилган талаблар мажбурий ҳисобланади.

Қоидаларда кўрсатилган бирор-бир шартга ёки талабга рози бўлмаган шахс унга қўшилиш истагини билдирувчи тугмани босмаслиги ва сайтдан фойдаланишни дарҳол тўхтатиши лозим.

Агар тегишли шахс мазкур Қоидаларда кўрсатилган талабларга, шартларнинг бир ёки бир нечтасига рози бўлмасада, сайтдан фойдаланишда давом этса, унинг ушбу ҳаракати Қоидаларга тўлиқ қўшилиши ҳамда унда кўрсатилган барча шартлар ва талабларга рози эканлигини англатади.

 

1. Умумий қоидалар

 

1.1. "AUKSIONSAVDO.UZ" сайти орқали мол-мулклар ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг электрон онлайн савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш Қоидалари (Қоидалар) мол-мулклар ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг (кейинги матнда “Мулк” деб юритилади) электрон онлайн савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган сотувчи, савдо ташкилотчиси, талабгор, иштирокчи, уларнинг вакиллари ўртасида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солади.

1.2. Мазкур Қоидалар унда кўрсатилган ўзининг ҳуқуқларидан фойдаланиш ҳамда мажбуриятларини ўз вақтида ва лозим даражада бажаришни зиммасига олиб, уни (Қоидаларни) бутунлай қўшилиш йўли билан тўлиқ қабул қилган барча шахсларга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

1.3. Савдоларни ташкил қилиш ва ўтказиш савдолар ташкилотчиси томонидан унинг маблағлари ҳисобига сотувчи ва савдолар ташкилотчиси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

1.4. Савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш харажатларини қоплаб бериш, хизмат ҳақи тўлаб бериш тартиби сотувчи ва савдолар ташкилотчиси ўртасида тузилган шартнома асосида белгиланади.

1.5. Электрон онлайн савдолар интернет тармоғидаги auksionsavdo.uz сайти орқали ташкил этилади.

 

2. Асосий тушунчалар

 

2.1. Мазкур Тартибда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

савдолар ташкилотчиси — савдоларни ташкил этиш фаолияти билан  шуғулланувчи юридик шахс ва унинг ҳудудий филиаллари;

сотувчи — мулк ёки унга бўлган ҳуқуқнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси;

талабгор — савдоларда қатнашиш нияти тўғрисида маълум қилган юридик ёки жисмоний шахслар;

иштирокчи — танлов ёки аукционда иштирок этишга киритилган талабгор ёки унинг ваколатли вакили;

ваколатли вакил — иштирокчи (талабгор) томонидан ишончномага асосан буюртма бериш ҳамда аукционда ва танловда иштирок этиш учун ваколат берилган шахс ёки қонуний вакиллар;

аукцион — шартнома тузиладиган талабгор мусобақалашиш асосида аниқланадиган савдо шакли бўлиб, унда тегишли мулк ёки унга бўлган ҳуқуқларга энг юқори нархни таклиф қилган иштирокчи шартнома тузиш ҳуқуқини олади. Аукционлар очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин;

очиқ аукцион —мулк ва унга бўлган ҳуқуқларни қўлга киритиш нияти тўғрисида маълум қилган исталган юридик ва/ёки жисмоний шахс иштирок этиши мумкин бўлган аукцион тури;

ёпиқ аукцион — сотувчи томонидан олдиндан белгиланган мезонлар асосида махсус таклиф қилинган юридик ва/ёки жисмоний шахслар иштирок этиши мумкин бўлган аукцион тури;

бошланғич нарх — мулк ёки ва унга бўлган ҳуқуқларни савдоларга қўйиш учун сотувчи томонидан белгиланган нарх;

 

3. Мол - мулклар ва уларга бўлган ҳуқуқларни

аукционда сотиш

 

3.1. Аукцион ўтказиш учун сотувчи:

савдолар ташкилотчиси билан мол-мулклар ёки уларга бўлган ҳуқуқларни сотиш бўйича ким ошди савдоларини ташкил этиб бериш хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани тузади, унда қуйидагилар бўлиши шарт: томонларнинг реквизитлари, шартнома предмети, савдолар ташкилотчиси ва сотувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ҳисоб-китоблар тартиби ва томонларнинг жавобгарлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар;

аукцион турини (очиқ ёки ёпиқ) ва шаклини (нархлари ошиб борувчи ва нархлари тушиб борувчи) белгилайди.

3.2. Савдолар ташкилотчиси сотувчи билан тузилган шартномага мувофиқ:

аукционда иштирок этиш учун буюртмалар бериш муддатини белгилайди;

очиқ аукцион ўтказиш санасидан камида ўттиз кун олдин оммавий ахборот воситасида очиқ аукцион тўғрисида хабарнома чоп этади;

талабгорларнинг аукционда иштирок этишга буюртмаларини рўйхатга олади;

ёпиқ аукцион ўтказилиши тўғрисида хабарномаларни тарқатади ва ушбу хабарномада кўрсатилган юридик ҳамда жисмоний шахслардан буюртмаларни олади;

талабгорларни тақдим этиладиган ҳужжатларнинг намуналари билан таъминлайди ва уларни расмийлаштириш бўйича ёрдам беради, жумладан, ҳужжатлар намуналарини ўзининг сайтида жойлаштиради;

мазкур Тартибга мувофиқ талабгорлар ичидан аукцион иштирокчиларининг рўйхатини шакллантиради;

3.3. Шунингдек, савдолар ташкилотчиси очиқ аукцион тўғрисида хабарнома чоп этилиши билан юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг сўровлари бўйича сотиладиган мулк ёки унга бўлган ҳуқуқлар тўғрисида қўшимча ахборотни тақдим қилади, тузилган шартномага мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

3.3.1. Аукцион тўғрисида хабарномада қуйидаги маълумотлар бўлиши зарур:

савдолар ташкилотчисининг номи;

аукционга қўйилган мулкларнинг номи, миқдори;

бошланғич нархи;

савдони ўтказиш тартиби;

иштирок қилишни расмийлаштириш тартиби;

аукционни ўтказиш вақти ва шакли;

закалат миқдори, киритиш муддати ва тартиби, уни киритиш учун банк реквизитлари;

буюртмаларни қабул қилишнинг охирги муддати (санаси ва вақтини кўрсатган ҳолда);

қўшимча ахборот олиш мумкин бўлган манзил ва алоқа телефони.

3.4. Ёпиқ аукционни ўтказишда сотувчи олдиндан юридик ва жисмоний шахсларнинг рўйхатини белгилайди, савдолар ташкилотчиси уларга аукцион бошланишидан камида ўттиз кун олдин ёпиқ аукцион тўғрисида хабарнома юборади. Ёпиқ аукцион тўғрисида хабарнома оммавий ахборот воситаларида чоп этилмайди ҳамда аукцион таклиф этилган юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ўтказилади.

3.5. Аукционда иштирок этиш учун талабгор ёки унинг ваколатли вакили аукцион тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатда auksionsavdo.uz сайтида рўйхатдан ўтиши ҳамда савдода иштирок этиш бўйича буюртманома бериши лозим.

Шунингдек, талабгор қуйидаги ҳужжатлар нусхаларини ўз буюртмасига илова қилиши лозим:

юридик шахслар учун — давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома ва агар корхона номидан вакил харакат қилаётган бўлса, унга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома ҳамда вакилнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, закалат келишувини ёзма равишда тузилганлигини ва тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

жисмоний шахслар учун — паспорт нусхаси, буюртмани ваколатли вакил топширганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома ёки қонуний вакилнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ҳамда закалат келишувини ёзма равишда тузилганлигини ва тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинган ҳолда.

Савдолар ташкилотчисига тақдим этилган аукционда қатнашиш тўғрисидаги буюртмаси (аризаси) талабгор ёки унинг ваколатли вакили томонидан имзоланган бўлиши ва тўғри расмийлаштирилган бўлиши шарт.

Савдо ташкилотчисига буюртманома ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар auksionsavdo.uz сайти орқали топширилиши ёки бевосита савдо ташкилотчиси жойлашга манзил бўйича шахсан топширилиши мулкин.

3.6. Аукционни ўтказиш тўғрисида хабарномада кўрсатилган қабул қилиш муддати ўтиб кетгандан кейин келиб тушган ёки лозим даражада расмийлаштирилмаган, тегишли ҳужжатлар илова қилинмаган буюртмалар савдолар ташкилотчиси томонидан қабул қилинмайди.

3.7. Савдолар ташкилотчиси қабул қилмаган буюртмаларни шу куннинг ўзида уларни талабгорга ёки унинг ваколатли вакилига қайтарилади. Электрон шаклда келиб тушган буюртманомалар бўйича эса талабгорга аризаси қайтарилганлиги ҳақида маълумот юборилади.

3.8. Аукционда иштирок қилиш учун талабгор закалат тўғрисида шартнома тузиши ва хабарномада кўрсатилган муддатда ва миқдорда мажбуриятларни бажаришни таъминлашнинг кафолати сифатида закалат киритиши шарт. Закалатнинг аниқ миқдори сотувчи томонидан белгиланади ва хабарномада кўрсатилади.

3.9. Ўз вақтида буюртманома берган ва тегишли ҳужжатларни тақдим этган, закалат пулини белгиланган миқдорда тўлаган талабгорлар аукцион иштирокчилари деб топилади.

3.10. Бундай талабгорлар савдо ташкилотчиси томонидан Иштирокчилар рўйхатига киритилади. Савдо иштирокчиси сифатида савдоларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

3.11. Аукцион иштирокчиси ўзининг буюртмасини аукцион ўтказишнинг белгиланган санасига қадар савдолар ташкилотчисини ёзма хабардор қилган ҳолда қайтариб олиши мумкин. Бу ҳолда аукцион иштирокчисидан келиб тушган закалат пуллари унга қайтарилади (банк хизмати ҳаражатлари иштирокчининг ҳисобидан чегириб қолинади).

3.12. Аукционда иштирок қилишга буюртмаларни қабул қилиш аукцион тўғрисида хабарнома чоп этилган куни бошланади ва аукцион тўғрисида хабарномада белгиланган кунда ва вақтда тугайди.

3.13.Агар буюртмаларни қабул қилиш якунланадиган санада бирорта ҳам буюртма келиб тушмаса ёки фақат битта буюртма тушса, аукционга фақат битта иштирокчи иштирок этса ёки ҳеч ким иштирок этмаса, аукцион бўлиб ўтмаган деб эътироф этилади.

3.14. Аукцион буюртмачининг талабидан келиб чиқиб, бошланғич нархни босқичма-босқич ошиб бориш ёки бошланғич нархни босқичма-босқич пасайиб бориш тарзида савдолашиш кўринишида ўтказилиши мумкин.

3.15. Аукцион савдолари инсон иштирокисиз auksionsavdo.uz сайтида ўрнатилган электрон дастур томонидан онлайн шаклда ташкил этилади.

Ҳар бир лот бўйича савдога чиқарилган мол-мулк ва унга бўлган ҳуқуқларнинг номи, қисқача тавсифи ва бошланғич нархини, уни ошириш босқичи (аукцион босқичи)га оид маълумотлар савдо платформасида акс эттирилади. Савдо бошланиши билан ҳеч бўлмаганда бир нафар иштирокчи савдода турган кўчмас мулк объекти ва унга бўлган ҳуқуқларни ушбу нархда сотиб олишга тайёрликларини билдириб тегишли тугмани босиши билан кейинги нарх эълон қилинади.

Ушбу ҳолат бир нафар иштирокчи қолгунига қадар давом этади.

Агар савдо бошланганидан кейин савдо сессияси якунига қадар ҳеч бир иштирокчи тегишли лотни сотиб олиш тугмасини босмаса, мазкур лот бўйича савдолар бўлиб ўтмаган деб ҳисобланади.

3.16. Ҳар бир алоҳида мулк бўйича аукцион босқичининг аниқ миқдори савдо ташкилотчиси томонидан сотувчининг таклифларидан келиб чиқиб белгиланади.

3.17. Аукцион давомида дастлабки учта босқичдан кейин бир ёки бир неча маротаба аукцион босқичини ўзгартириш мумкин.

3.18. Савдо сессияси бошланганидан кейин тегишли лотни сотиб олиш таклифини билдирган, агар нархлар ошиш жарайни давом этганда охирги баҳода тегишли лотни сотиб олиш истагини билдирган иштирокчи савдо ғолиби ҳисобланади.

Савдо натижаларига кўра тегишли лот бўйича ўтказилган савдоларнинг натижаларига оид маълумотлар auksionsavdo.uz сайтида ошкор қилинади.

3.19. Аукцион натижаларига кўра тегишли лот бўйича аукцион ўтказилган куннинг ўзида аукцион натижалари тўғрисида баённомани савдо дастурининг ўзи расмийлаштиради.

Аукцион натижалари тўғрисида баённомада қуйидагилар кўрсатилади:

аукцион савдоси ғолибининг номи (ФИО);

аукцион натижалари;

олди-сотди шартномасини имзолаш муддати.

3.20. Аукцион савдоси бошланғич нархни босқичма-босқич пасайиб бориш тарзида савдолашиш кўринишида ўтказилганида савдо сессияси бошлангач тегишли лот бўйича бошланғич нархни ва савдо босқичини эълон қилади. Агар ҳар 1 соатда мулкни сотиб олиш бўйича ҳеч бўлмаганда 1 та иштирокчи тегишли тугмани босмаган тақдирда лот бўйича бошланғич баҳоси (сотувчи белгилаб берилган энг паст нархгача) пасайтирилади. Бу ҳаракат савдо дастурининг ўзи томонидан амалга оширилади.

Агар тегишли нархда бир нафар иштирокчи мулкни сотиб олиш таклифини билдирса, шу иштирокчи савдо ғолиби деб топилади. Бир вақтнинг ўзида ёки бир савдо сессиясининг ўзида бир нечта иштирокчи айнан битта лот бўйича мулкни сотиб олиш таклифини билдирса, мазкур мулк бўйича савдолар нархларни ошириб бориш тартибида ўтказилишда тартибида давом эттирилади.

 

4. Аукцион натижаларини расмийлаштириш

 

4.1. Аукцион савдоларининг натижалари тўғрисидаги баённома тегишли олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун асос ҳисобланади. Бу баённома савдо ўтказилган куннинг ўзида савдо дастури томонидан расмийлаштирилади.

Савдо натижалари тўғрисидаги баённоманинг нусхалари савдо ғолиби томонидан савдо ташкилотчиси орқали олиниши мумкин.

4.2. Сотувчи ва савдо ғолиби савдолар натижаси бўйича тегишли олди-сотди шартномасини амалдаги қонун ҳужжатларига мос равишда расмийлаштиришга масъул ҳисобланадилар.

4.3. Савдо натижалари тўғрисидаги расмийлаштирилган баённоманинг нусхалари сотувчига унинг сўровига кўра савдо ташкилотчиси томонидан тақдим этилади.

4.4. Савдо ғолиби ўтказилган савдолар натижаларига кўра тегишли олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортган ёки рад этган тақдирда аукцион натижалари бекор қилинади ва савдо ғолиби томонидан таклиф этилган нархдан бир босқич паст нархни таклиф этган иштирокчига у билан олди-сотди шартномаси тузишни таклиф қилиниши мумкин.

Агар иккинчи иштирокчи ҳам шартномани имзолашни рад этса, аукцион натижалари бекор қилинган ҳисобланади.

4.5. Аукцион ғолиби савдо натижалари бўйича олди-сотди шартномасини имзолашни рад этган ва/ёки бош тортган ҳоллатларда у томонидан тўланган закалат суммаси қайтарилмайди. Закалат пули Савдо ташкилотчиси ихтиёрида қолади.

 

5. Форс-мажор ҳолатлари

 

5.1. Форс-мажор ҳолатларда савдо ташкилотчиси ўзига жавобгарлик олиб бормайди.

5.2. Қуйидаги ҳолатларда ҳам савдо ташкилотчисида жавобгарлик келиб чиқмайди:

- савдо ташкилотчисининг маркази идораси жойлашган манзил бўйича интернет етказиб бериш тизими (ёки электр таъминотида) узилишлар юз берса, бунинг натижасида савдоларни бошлаш, давом эттириш ва/ёки якунлаш имкони бўлмаса;

- савдо иштирокчиси фойдаланаётган қурилмада интернет узилиб қолиши, бунинг натижасида у савдоларда иштирок этолмаслиги;

- савдо иштирокчиси савдо тизимида бўлган вақтида қастдан ёки тушунмасдан номақбул харакатларни содир этиши натижасида уни савдо тизимининг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш функцияси ишлаб кетиб, иштирокчини автоматик тарзда блоклаб қўйиши;

- иштирокчининг эҳтиётсизлиги натижасида унинг логини ва пароли учинчи шахсларнинг қўлига тушиб қолиши ва бунинг оқибати бўйича келиб чиқаридан ҳолатларда.

 

6. Якунловчи қоидалар

 

6.1. Ким ошди савдоларига чиқарилган мулкнинг савдо ғолибига топширилгунига қадар бўлган муддатда лозим даражада сақланишини таъминлаш учун сотувчи масъул ҳисобланади.

6.2. Савдоларни ташкил этишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.